Янгиликлар

  • «Лочинлар» мағлуб этилди

  • Сана: 06.04.2019
  • Coca Cola Суперлиганинг 3-туридан ўрин олган «Навбаҳор» - «Бунёдкор» ўйини кескин ва муросасиз баҳсларга бой ўтди. Ўз мухлислари қаршисида ҳаракат қилган «Навбаҳор» учун ҳам, дастлабки икки турда мағлуб бўлган «Бунёдкор»га ғалаба жуда зарур эди. Шу сабабдан ҳам иккала жамоа дастлабки дақиқалардан очиқ футбол намойиш қилди. 4-дақиқада «Бунёдкор» уюштирган комбинацияда «Навбаҳор» ҳимоячилари хатога йўл қўйди. Бундан унумли фойдаланган Жасур Жалолиддинов осонлик билан рақиб дарвозасини ишғол қилди.

    Голдан руҳланган Абрамов шогирдлари кетма-кет ҳужумлар уюштирди. 35-дақиқада ҳакам «Навбаҳор» дарвозасига пенальти белгилади. Хуршид Ғиёсов пенальтини аниқ амалга оширди - 0:2. Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунига етди.

    Иккинчи бўлим «Навбаҳор» футболчиларининг хавфли ҳужумлари билан бошланди. «Лочинлар» ҳисобни қисқартириш учун кетма-кет ҳужум уюштирди. Бир вазиятда дарвозабон Мурод Зуҳуров жамоамиз жонига оро кирган бўлса, яна бир вазиятда Ислом Қобиловга теккан тўп дарвоза устунига тегиб майдонга қайтди. 64-дақиқада жарима майдончаси ичида ҳимоячимиз тўпни қўл билан ўйнади, ҳакам иккиланмай дарвозамиз томон 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Касьян Зухуровни ожиз қолдирди.
    79-дақиқада «Навбаҳор» аъзоси Аббос Ғуломов жарима майдончаси ташқарисидан кучли бурама зарба берди ва ҳисобни тенглаштирди.

    Ҳисоб тенглашгач футболчиларимиз ҳужумга ўтди. Шундай ҳужумларнинг бирида рақиб ҳимоячиси Суҳроб Иззатовга нисбатан қўполлик ишлатгани учун пенальти белгиланди. Пенальтини Хуршид Ғиёсов аниқ амалга оширди.
    Голдан сўнг «Навбаҳор» ҳисобни тенглаштириш учун олдинга ўтди. Энди «қалдирғочлар» жарима майдончаси ичида Остон Ўруновни йиқитди ва пенальти. Бу сафар тўп йўналишини аниқ топган Мурод Зуҳуров Касьянни доғда қолдирди. Ҳисоб ўзгаришсиз қолди!
    Шу тариқа қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтган ўйинда Вадим Абрамов шогирдлари бу мавсумдаги дастлабки ғалабасини қўлга киритди.

    COCA COLA СУПЕРЛИГА. 3-ТУР

    "НАВБАҲОР" — "БУНЁДКОР" 2:3 

    6 апрел. Фарғона. «Истиқлол» стадиони. 7242 томошабин.

    Ҳакамлар: Илгиз Танташев, Ҳусниддин Шодмонов, Александр Буров, Рустам Лутфуллин.

    Назоратчи: Марат Исмоилов.
    Комиссар: Эркин Бахтиёров.
    "Навбаҳор": 23.Дилшод Ҳамроев, 5.Славко Лукич, 6.Остон Ўрунов, 7.Азим Аҳмедов, 8.Шаҳзод Шайманов (14.Баҳодир Насимов, 55), 9.Иван Соловёв, 11.Александр Касян, 19.Мирзоҳид Ғофуров, 32.Жаҳонгир Меҳмонов, 55.Ғиёс Комилов, 90.Зафар Тўраев (70.Аббосжон Ғуломов, 37).

    "Бунёдкор": 25.Мурод Зухуров, 3.Ислом Қобилов, 4.Сергей Прохоров, 7.Дилшод Аҳмадалиев, 8.Жасур Жалолиддинов (34.Суҳроб Иззатов, 56), 10.Хуршид Ғиёсов, 11.Жавоҳир Қаҳрамонов (27.Абубакр Муйдинов, 75), 14.Миржаҳон Мираҳмадов, 17.Санжар Қодирқулов, 19.Нурилло Тўхтасинов, 30.Абдулла Абдуллаев.

    Голлар: Жасур Жалолиддинов 4, - 0:1. Хуршид Ғиёсов 35 пенальти, - 0:2. Александр Касьян 64 пенальти, - 1:2. Аббос Ғуломов 79, - 2:2. Хуршид Ғиёсов 83 пенальти, - 2:3.
    Амалга оширилмаган пенальти: Александр Касьян 88 (дарвозабон).

    Огоҳлантиришлар: Сергей Прохоров 8, Зафар Тўраев 11, Азимжон Аҳмедов 19, Остон Ўрунов 49, Абдужамол Исроилов 61.

Мавзуга оид бошқа хабарлар