Янгиликлар

  • Андрей Шипилов ўйин борасида ўз фикрларини билдирди. (Видео)

  • Сана: 24.11.2018
  • Суперлиганинг 31-туридан ўрин олган "Бунёдкор" - "Металлург" (1:0) учрашувидан сўнг "Металлург" устози Андрей Шипилов ўйин борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

    Андрей Шипилов: "Бунёдкор"да ишлаб турган тизимни чопиш эмас, аксинча бундай клубларни кўпайтириш керак!"


    Pepsi Суперлиганинг 31 туридан ўрин олган “Бунёдкор” ва “Металлург” жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Андрей Шипилов ўйин ҳақидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
    “Бугунги қийин об ҳаво шароити бўлишига қарамасдан, иккала жамоа ҳам чиройли ўйнашга ҳаракат қилди. Тўғри, ўйинга мухлислар кам ташриф буюрган бўлиши мумкин, лекин “Бунёдкор”нинг ҳам, “Металлург”нинг ҳам ашаддий мухлислари ўйинни бевосита кўриш учун стадионга келишди. Жудаям ажойиб стадион, ҳар қандай об ҳаво, ҳар қандай шароитда ушбу ўйингоҳда футбол ўйнаш ёқимли, сабаби муҳит жуда ҳам ажойиб. Ҳар қандай футболчи учун ҳам бундай стадионда футбол ўйнаш ёқимли бўлса керак. “Бунёдкор”ни ҳақиқий ғалаба билан табриклайман. Ўйинга келадиган бўлсак, биз биринчи бўлимда ишонч билан чиройли ўйнашга ҳаракат қилдик. Танаффус вақтида, кийим алмаштириш хонасида ҳаммаси жойида эди, футболчиларнинг кўзида ҳеч қандай қўрқув ёки рақибдан ҳайиқиш йўқ эди. Менимча, футболчиларни алмаштиришда хатога йўл қўйдим. Уччала футболчи ҳам ўйинга киришиб кета олмади деб ҳисоблайман. Тўғри, пенальтидан гол ўтказиб юбордик, лекин ундан кейин ҳам ўйин 40 дақиқа давом этди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўйинни давом эттиришимиз керак эди. Биз эса пенальтидан кейин 20-25 дақиқа ўтиб уйғондик. Бу футбол, у хатони кечирмайди. Кўрган бўлсангиз, бугун уч-тўрт нафар ёш футболчимиз майдонда ҳаракат қилди. Уларнинг келажаги ҳали олдинда. Бугун ҳамма бир хил майдонга чиқди, кимдир 30 ёшда, кимдир 17 ёшда, лекин мен майдонда паспортга қараб ўйнатмайман, менга ёшнинг аҳамияти йўқ. Уч-тўрт футболчимнинг ўйини мени қониқтирди, майдоннинг сифати сабабли жароҳат олган бўлса ҳам, борини бериб ўйнади. Футболчилар ўйини учун яхшигина гонорар ва бонуслар олишади.
    Умид қиламанки, “Бунёдкор”даги объектив ва субъектив муаммолар ҳал қилинди. Умид қиламанки, ушбу стадион кўркамлигини сақлаб қолади, “Бунёдкор” жамоаси ва унинг академияси ўз фаолиятини давом эттиради. Ушбу клуб барча ёшдаги ва миллий терма жамоага футболчи етказиб берувчи асосий жамоалардан бири. Яна худди шундай иккита жамоа бор. “Бунёдкор” 7-8 йилдан буён жуда кўплаб клубларни, терма жамоаларимизни футболчи билан таъминлаб келаётган ўзбек футболи байроқдорларидан бири. Бу ерда ташкил этилган ишлаб турган тизимни, бундай клубни ёпиш, чопиш ёки олиб ташлаш керак эмас. Аксинча, бундай клублар сонини кўпайтириш керак. Умид қиламанки, менинг бу сўзларим ушбу муаммоларни ҳал қилиш ваколатига эга бўлган раҳбариятга етиб боради ва улар “Бунёдкор”даги муаммоларни ижобий ҳал қилишади.
    Яна бир бор “Бунёдкор”ни ғалаба билан табриклайман. Умид қиламанки, бизнинг клуб ҳам кичкинагина Бекобод шаҳарчамизнинг мана шундай шароитларга, инфраструктура эга клубига айланади".

    TAS-X



    TAS-X: эмас


Мавзуга оид бошқа хабарлар