Янгиликлар

  • Элдор Шомуродов “Ростов”га ўтди

  • Сана: 15.07.2017
  • Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов кейинги фаолиятини Россия премьер-лигаси вакили “Ростов” клубида давом эттиради.

    Биринчи давра охирларида “Бунёдкор” футбол клубига Элдор Шомуродов трансфери масаласида Россиянинг “Ростов” клубидан таклиф тушди. Олиб борилган музокаралардан сўнг Элдор Шомуродов “Бунёдкор”дан “Ростов”га ўтди.

    Айтиш жоизки, “Бунёдкор” футбол клуби ўз таркибидаги футболчиларининг бизникидан кучлироқ бўлган хориж чемпионатларига йўл олишига доимо ижобий муносабатда бўлиб келади. Ўйлаймизки, Элдор Шомуродов Россия премьер-лигасида тўп тепиб, орттирадиган тажрибаси ва маҳорати келажакда Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун фойдали бўлади. Шомуродов Россия чемпионати баҳсларида бунгача ўз ўрнига эга бўлишган Миржалол Қосимов, Одил Аҳмедов, Виталий Денисов, Вадин Афонин сингари ном қозониб, премьер-лигада муносиб иштирок этади. Қайд этиш керакки, Элдор Шомуродов "Бунёдкор" ФКдан Россия чемпионатига йўл олган ўзбекистонлик биринчи футболчи бўлди.

    Элдор Шомуродов "Бунёдкор"даги икки ярим йиллик фаолияти мобайнида 83та учрашув ўтказиб, рақиблари дарвозасига 22та гол урди.

    “Бунёдкор” футбол клуби академияси эса янгидан-янги юлдузларни кашф қилишда давом этади. Ўйлаймизки, футбол мактабимизда тарбия топаётган ёш футболчилар учун Шомуродовнинг “Ростов”га ўтиши қўшимча куч бағишлаб, уларнинг ўз устиларида янада кўпроқ ишлашига ва келажакда моҳир футболчи бўлиб етишишига туртки бўлади.

    Россиядаги фаолиятинг омадли бўлсин, Элдор!

Мавзуга оид бошқа хабарлар