Янгиликлар

  • Ўсмирларимиз Осиё чемпионатига йўлланма олишди

  • Сана: 22.09.2015
  • Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси U-16 саралаш турнирининг учала ўйинида ҳам ғалаба қозониб, Осиё Чемпионатига йўлланма олди.

    Қайд этиш керакки, ўсмирлар терма жамоамиз таркибида 11 нафар “Бунёдкор” футбол мактаби тарбияланувчилари бор эдилар. Булар: дарвозабон Жасурбек Умрзоқов, ҳимоячилар Абубакир Мўйдинов, Ихтиёр Холдоров, Ислом Каримов ва Мардон Абдуллаев, ярим ҳимоячилар Расул Йўлдошев, Хумоюн Абдусатторов ва Абдуғани Камолов, ҳужумчилар Абдулхай Исмоилов, Абдунозир Абдураҳмонов ва Шуҳрат Неъматов.

    Дастлабки баҳсда вакилларимиз Мальдив Оролларидан келган тенгқурларини 8:0 ҳисобида доғда қолдиришди. Эътиборлиси, ушбу учрашувдаги барча саккиз гол “Бунёдкор” футбол мактаби тарбияланувчилари томонидан киритилди. Расул Йўлдошев ва Абдунозир Абдураҳмонов “хет-трик” муаллифига айланишган бўлса, Ислом Каримов ва Абубакир Мўйдинов биттадан гол киритишди.

    Иккинчи баҳсда эса термамиз мусобақа мезбонлари – Фаластин ўсмирлари билан куч синашишди. Ушбу баҳсда юртдошларимиз рақиб дарвозасига жавобсиз 6та гол киритишди. Голлар Ихтиёр Холдоров, Абдулхай Исмоилов, Абубакир Мўйдинов (иккита), Баҳром Соатов, Остон Урунов. Дастлабки уч футболчи “қалдирғочлар” футбол мактаби вакилларидир.

    Сўнгги учрашувда Тимур Олимхўжаев бошчилигидаги термамиз Ямандан 5:2 ҳисобида устун келди. Қувонарлиси, бу сафар ҳам барча голлар “қалдирғочлар” томонидан киритилди. Расул Йўлдошев “хет-три” қайд этган бўлса, Абубакир Мўйдинов ва Шуҳрат Неъматов биттадан голга муаллифлик қилишди.

    Якунда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси учта ўйинда 9 очко жамғарди. Тўплар фарқи 19-2ни ташкил этди ва вакилларимиз ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Қайд этиш керакки, термамизнинг 19та голидан 17тасини “Бунёдкор” тарбияланувчилари киритишди.

    Осиё чемпионатининг финал босқичида 2016 йилнинг 15 сентябридан 2 октябригача Хиндистон мамлакатида ўтказилади. Қитъа чемпионлиги учун саралаш босқичида ўз гуруҳларида биринчи ўринни қўлга киритган – Ўзбекистон, Уммон, Ироқ, Саудия Арабистони, Эрон, Қувайт, Малайзия, КХДР, Жанубий Корея, Австралия ва Япония, иккинчи ўринлар ичида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган тўртта – Вьетнам, Таиланд, БАА ва Непал ўсмирлари, шунингдек мезбонлар Хиндистон термалари куч синашишади.

    Терма жамоа мураббийлари ва футболчиларини, шунингдек футбол мактабимиз устозларини ушбу муваффақият билан табриклаймиз. Шундай ишлашда давом этинг!

Мавзуга оид бошқа хабарлар