Янгиликлар

  • ОЧЛ-2012 семинари: Биринчи кун

  • Сана: 10.01.2012
  • Кеча Куала-Лумпурда ОФКнинг 2012 йилги Чемпионлар лигасига бағишланган таълим семинари бошланди. Эслатиб ўтамиз, ушбу ўқув курсларида Ўзбекистондан “Бунёдкор”, “Пахтакор”, “Насаф” ва “Нефтчи” клублари вакиллари қатнашишмоқда.

    Семинарнинг биринчи куни мухлислар учун ҳам қизиқ бўлиши мумкин бўлган бир қатор масалалар, фактлар ва турнирга оид рақамлар ҳақида гап борди.

    Футбол аввало фанатлар учун ўйналишидан келиб чиқиб, биринчи навбатда, томошабинлар мавзусига тўхталинди. Афсуски, Чемпионлар лигаси беллашувларига ишқибозларнинг ташрифида пасайиш кузатилган (ҳар бир учрашув учун ўртача олиб қараганда):

    2010 йил – 11 733 томошабин,
    2011 йил – 10 800 томошабин

    Кўриниб турибдики, томошабинларнинг стадионларга келиши сўнгги мусобақада салбий томонга қараб ўзгарган. Ўзбекистонда ҳам Чемпионлар лигаси ўйинларига ишқибозларнинг тушиши ўтган мавсумга нисбатан орқага қараб юриш қилган.

    2011 йилги турнир давомида юз берган катта қоида бузилишлар сифатида эса мана бу воқеалар санаб ўтилди:

    - бегона кишиларнинг ечиниш хонасига ёки бошқа зонага кириб борганлиги (Ал-Ҳилол, Ал-Садд, Тяньцзинь Теда, Ханчжоу Гринтаун);

    - жамоанинг 2-бўлимга жудаям кечикиб чиқиши ва бунинг натижасида трансляция дастурининг бузилиши (Шаньдун Лунен, Ал-Жазира);

    - майдонга пластик баклажка отилганлиги, медиа-трибунада интернет йўқлиги (Шанхай Шэньхуа, Тяньцзинь Теда);

    - учрашув давомида мухлислар трибунада бир неча бор олов ёқишгани ҳамда сураткаш ечиниш хонасигача киргани (Пирузи);

    - бош мураббий ёки футболчининг учрашувдан олдинги матбуот анжуманига келмагани (Пирузи, Арема);

    - жамоа формаси талабга мос эмаслиги (Ал-Шабаб);

    - ўйиннинг бошланиш вақтига путур етказиш (Ал-Иттиҳод, Пирузи, Ал-Садд, Ал-Райян);

    - Индонезиянинг “Арема” клуби рақиб жамоа дарвозабонига мамлакатга кириш визасини вақтида таъминлаб бермаган. Натижада, ушбу посбон Индонезияга жудаям кеч келган, у аэропортдан стадионга зўрға улгуриб келганда, учрашув бошланишига 2 соатгина (!) қолганди, холос;

    - “Ал-Иттиҳод” ишқибозлари стадионда кўплаб қоида бузишларга йўл қўйишган;

    - “Зоб-Ахан” стадион таблосида ўйин лавҳаларини такрорий тарзда қўяверган (бу аслида мумкин эмас);

    - ва бошқа яна бир қатор хатолар.

    Умумий ҳисобда 2011 йили жами 33та қоида бузилиши қайд этилган.

    Жамоаларнинг ОФКга ўз таркибларини топшириш муддатлари ҳам эълон қилинди. Плей-офф баҳсларида иштирок этадиган клублар ўз заявкаларини ташкилотчиларга 11 январгача топширишлари керак. Яъни Фарғонанинг “Нефтчи” клуби ҳозир жудаям долзарб масала билан тўқнаш келган. Ўзбекистонда жамоалар мавсумга тайёргарлик жараёнининг энди иккинчи босқичини бошлашган маҳалда, Юрий Саркисяндан катта нарса талаб этилмоқда: у жамоанинг масъулиятли турнирда тўп сурадиган таркибини ҳозирданоқ эълон қилиши шарт. Бу эса, барчага тушунарлики, осон эмас.

    Асосий турнир вакиллари - “Бунёдкор”, “Пахтакор” ва “Насаф” клублари учун сўнгги заявка куни – бу 6 февраль.

    Клублар ўз таркибларини қандай тарзда рўйхатдан ўтказишлари ва бу учун қайси ҳужжатларни туҳфа этишлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

    Бу йўналишда ОФК ҳозирда битта муаммога дуч келиб турибди. Плей-офф иштирокчилари ўз заявкаларини ОФКга 11 январгача топширишлари сўралган. Аммо Таиландда мамлакат футбол ассоциацияси кубоги финали айнан 11 январь куни ўтказилади. ОЧЛ плей-оффида Жанубий Кореянинг “Похан Стилерз” жамоаси билан ё “Муантонг Юнайтед”, ё “Чонбури” ўйнайди. Таиланднинг бу икки клуби “Похан” билан айнан ким тўқнаш келишини 11 январь куни аниқлашлари туфайли, бу йўлланмага эга бўладиган жамоа учун, истисно тариқасида, ОЧЛ-2012га заявка муддати 18 январгача чўздирилди. Жамоаларнинг имкониятларини тенглаштириш мақсадида, ОФК “Похан”га ҳам 18 январгача фурсат берган.

    Мусобақанинг мукофот жамғармаси ўтган йилгиси билан бир хил кўринишда қолдирилган. Гуруҳ босқичидаги ғалаба учун 40 минг доллар, дуранг учун 20 минг доллар берилади. 1/8 финалдаги қатнашув учун клублар 50 минг, 1/4 финалга – 80 минг, 1/2 финалга – 120 мингдан олишади. Финалчи – 750 минг ҳамда мусобақа ғолиби – 1,5 миллион доллар билан тақдирланадилар.

    Меҳмонга сафар уюштирадиган клубларга қуйидагича субсидиялар таъсис этилган:
    - плей-оффда – 20 минг;
    - гуруҳ учрашувлари учун – 30 минг;
    - 1/8 финалда – 40 минг;
    - 1/4 финалда – 50 минг;
    - 1/2 финал ва финал учун – 60 минг доллардан.

    Чемпионлар лигасининг ҳар бир учрашувини ташкил этиш ва ўтказиш жараёни мезбон клубдан 5 кунни талаб этади. Илк жараёнлар (айтайлик, учрашув комиссари ва бошқа кишиларнинг етиб келишлари) ўйиндан 3 кун олдин бошланса, энг сўнгги вазифа - ОФК офисига беллашув ДВД-дискини юбориш билан барча масалаларга ўйиндан бир кун кейин нуқта қўйилади. Хуллас, шу 5 кун ичида бўладиган барча масалаларга семинар давомида бирма-бир урғу бериб чиқилди.

    Телевидение ҳам алоҳида мавзу. Шунча ҳаракатларни маҳсулотга айлантириш айнан ТВ орқали амалга оширилади. Шу боис ТВ ходимларининг Чемпионлар лигасидаги ишига ғоятда катта эътибор қаратилган. Камераларнинг стадионнинг қайси нуқталарида жойлашишидан тортиб, учрашув трансляциясини истеъмолчилар, яъни мухлислар мазза қилиб қарши олишадиган маҳсулотга қандай қилиб олиб чиқиш мумкинлиги ҳақида тўплам фикрлар ва қимматбаҳо маслаҳатлар берилди. Бизга тақдим этилган қўлланмани, Тошкентга қайтгач, албатта ЎзТВ “Спорт” каналига тақдим этишни юрагимизга тугиб қўйдик.

    Хуллас, семинар ҳаммага янги жабҳаларни очиб бермоқда. У ёғига - тез орада стартга чиқадиган Чемпионлар лигасида уларни ҳаётга татбиқ этиш лозим.

    Улуғбек Мирзаев

Мавзуга оид бошқа хабарлар