Янгиликлар

  • Эртага Чемпионлар лигаси-2012 семинари бошланади

  • Сана: 08.01.2012
  • Душанба куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда бу йилги Осиё Чемпионлар лигасига бағишлаб ташкил этилаётган икки кунлик нуфузли таълим семинари старт олади. Мазкур семинарда қитъамиз клублари учун энг обрўли бўлган мусобақа – Чемпионлар лигасида қатнашадиган барча клубларнинг тўрттадан вакиллари иштирок этишлари кўзда тутилган. Барча меҳмонлар Осиё футбол конфедерациясининг қароргоҳи жойлашган Куала-Лумпурдаги “Хилтон Петалинг Жая” отелида қўним топишяпти. Семинар қатнашчилари қитъамизнинг турли бурчакларидан шу кунларда меҳмонхонага бирин-кетин кириб келишмоқда.

    Хабарингиз бор, 2012 йилги Чемпионлар лигасида тарихда биринчи марта Ўзбекистондан бирданига тўрт жамоа стартга чиқади. Шу боис, ОФК таклифига кўра, “Бунёдкор”, “Пахтакор”, “Насаф” ва “Нефтчи” клублари вакиллари ҳам айни дамда Куала-Лумпурда бўлиб туришибди.

    Бизнинг “Бунёдкор”дан таълим семинарида жамоа менежери Бахтиёр Бобоев, мусобақа учун масъул Ислом Хўжаев, тижорат директори Айниддин Ғиёсов ҳамда матбуот котиби Улуғбек Мирзаевлар иштирок этадилар.

    ОФК тақдим этган дастурга кўра, 9 январь куни барча меҳмонлар аввалига рўйхатдан ўтишади. Кейин эрталаб соат 9:00да семинарнинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Сўнгра 2011 йилги мусобақа давомида энг эсда қолган лавҳалар кўриб чиқилади ва таҳлил қилинади. Шунингдек, тартиб-интизом масалалари, ҳакамлар ҳаракатлари, мусобақа регламенти, учрашувлардан олдин ва учрашувлар вақтида амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар, допинг назорати, медиа ва телевидение билан ишлаш, маркетинг ва жамоалар экипировкалари масалаларига тўхталинади.

    10 январь куни эса семинар иштирокчиларига ўз тажрибаларини УЕФАнинг мусобақалар ўтказиш жойларини тахт қилиш ва медиа билан ишлаш директорлари ўртоқлашадилар. Осиёдаги профессионал клублар ва лигаларга оид қоидалар кўриб чиқилади. Янги жорий қилинадиган клубларни лицензиялаш жараёнига алоҳида урғу берилади. Сўнгра навбат ҳар бир клуб ўзига оид маълумотларни тақдим қилишига берилади. Семинар дастуридан ОФКнинг маркетинг ҳамкори – World Sport Group компанияси аъзоларининг ҳам чиқишлари ўрин олган.


    6 декабрь кунги қуръа маросимида.


    “Бунёдкор” учун “шарқий тўплам” (“Похан Стилерз” бунга ҳали плей-офф орқали эришиши керак).

Мавзуга оид бошқа хабарлар