«Бунёдкор» футбол клуби тарихи

Асосий маълумот:

Номи: «Бунёдкор» футбол клуби

Ташкил этилган сана: 6 июль 2005 йил

Клуб ранглари: Оқ, кўк

Мураббийлар:

Мавзур Умархўжаев 2005 йил
Ҳикмат Эргашев 2006 – 2007 йиллар
Миржалол Қосимов 2008 йил
ЗИКО, Артур Антуньеш Коимбра 2008 йил
Амет Мемет 2009 йил июль ойигача
Луиз Фелипе Сколари 2009 – 2010 йиллар
Миржалол Қосимов 2010-2014
Александр Волков 2014 (май-июнь)
Сергей Лушчан 2014-2017
Миржалол Қосимов 2017 йил май ойидан бошлаб

Тарихи:

«Бунёдкор» футбол клуби тарихан қисқа вақт ичида ҳаваскорлик жамоасидан Ўзбекистон чемпиони, мамлакат кубоги соҳиби ва қитъа чемпионлар лигаси ярим финалчисигача бўлган йўлни босиб ўтди.

2005 йилда Тошкент вилояти чемпионатида (2-лига) “Қурувчи” номи билан муваффақиятли иштирок этган жамоа, охир-оқибат Ўзбекистон биринчи лигасига чиқди. 2006 йилда "Қурувчи" биринчи лигада Ҳикмат Эргашев раҳбарлиги остида 38 та учрашув ўтказиб (27 ғалаба, 5 та дуранг ва 6 та мағлубият), дастлабки уринишдаёқ турнирда ғолиб чиқди ва олий лига йўлланмасига эга бўлди.

2007 йил мавсуми "Қурувчи" учун олий лигада дебют даври бўлди. Тошкент клуби мамлакат миқёсида бир қатор рекордларни янгилади (масалан, энг кўп урилган ва энг кам ўтказиб юборилган тўплар сони, фаворитлар билан ўйинларда олинган очколар сони бўйича). Бундан ташқари, "Қурувчи" ҳужумчиси Илҳом Мўминжонов чемпионатнинг энг сермаҳсул тўпурари бўлди.

2007 йил мавсумида "Қурувчи" олий лигада 30 та учрашув ўтказди (22 та ғалаба, 5 та дуранг ва 3 та мағлубият, урилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи 62 - 16) ва 71 та очко тўплаб, Ўзбекистон чемпионатлари тарихида биринчи марта кумуш медалларни қўлга киритди. "Қурувчи" мамлакат кубогида ҳам муваффақиятли қатнашиб, финалга чиқди. Бош соврин учун "Қурувчи" мамлакат чемпиони "Пахтакор" билан баҳслашди. Ўйиннинг асосий ва қўшимча вақти дуранг натижа - 0:0 билан тугади. Пенальтилар сериясида омад рақибларга кулиб боқди.

2008 йил "Бунёдкор" тарихидаги энг омадли йил бўлди. Мавсум бошланиши арафасида жамоа таркиби сезиларли даражада мустаҳкамланди, ёш истеъдодли мураббий Миржалол Қосимов клубга устозлик қила бошлади. Ёз охирида «Бунёдкор» собиқ жаҳон чемпиони Ривалдо, бразилиялик ҳимоячи Луизао ва чилилик ҳужумчи Вильянуэва билан шартнома имзолади. Мамлакат терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Қосимов ўрнига таниқли мутахассис - Зико таклиф этилди. Жамоа мамлакат чемпиони ва Ўзбекистон Кубоги соҳиби номига сазовор бўлди. Клуб Осиё чемпионлар лигаси финали остонасигача етиб борди. “Бунёдкор” вакили Сервер Жепаров Осиёнинг энг кучли футболчиси деб тан олинди.

2009 йил "Бунёдкор" миллий чемпионатда 30 учрашувда 86 очко жамғариб, маррага биринчи бўлиб етиб келди. Энг яқин таъқибчиларини 22(!) очкога ортда қолдирган “Бунёдкор” мавсум давомида биронта ҳам мағлубиятга учрамаган ягона жамоага айланди. Клуб шарафини ҳимоя қилган бразилиялик Ривалдо рақиблар дарвозаларига 19та тўп киритиб, чемпионат тўпурари деган шарафли номга сазовор бўлди. Мамлакат кубоги баҳсларида эса "Бунёдкор" фақат финал баҳсида имкониятни бой бериб қўйди.

2010 йилги мавсумни Луиз Фелипе Сколари бошчилигида кутиб олган "Бунёдкор" мусобақаларда рақибларини доғда қолдиришни уддалади. 2008 йилдаги каби "олтин дубль" такрорланди. Бироқ ушбу мавсум "қалдирғочлар" учун ўзига хос синовли йил бўлди. Биринчи даврадан сўнг клубни 13(!) нафар етакчи футболчи билан бир қаторда Сколари бошчилигидаги мураббийлар штаби тарк этди. Иккинчи даврани Миржалол Қосимов қўл остида ўтказган футболчилар мавсумни муваффақиятли якунлашди. Чемпионатда 26 учрашувнинг 20тасида ғалаба, 5та дуранг ва бир мағлубият қайд этган жамоа умумякунда 65 очко жамғарган ҳолда қаторасига учинчи чемпионликни тантана қилди. Мамлакат кубоги финалида эса “Бунёдкор” македониялик Стевица Ристичнинг ягона голи эвазига зафар қучди.

2011 йил “Бунёдкор” учун омадли бошланди. Миржалол Қосимов мавсумга сезиларли ўзгарган таркиб билан киришди. Жамоа иштирок этган учала фронтда ҳам муваффақиятли старт олди. Ўзбекистон чемпионати ва кубогидаги қатор ғалабалар Осиё Чемпионлар лигаси турнирида ҳам давом эттирилди. “Бунёдкор” мамлакат кубоги ярим финалида омадсизликка дуч келган бўлса-да, чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя қила олди ва кетма-кет тўртинчи бор Ўзбекистоннинг чемпионига аталган олтин медаллар билан тақдирланди.

2012 йили “Бунёдкор” мамлакатимиз клублари орасида энг кўп учрашувда майдонга тушди. “Қалдирғочлар” Ўзбекистон чемпионатида 26та, Ўзбекистон кубоги доирасида 9та ҳамда Осиё Чемпионлар лигасида 11та учрашувда иштирок этишди. 2012 йилги футбол мавсуми якунига кўра “Бунёдкор” Ўзбекистон чемпионатида кумуш медалларни қўлга киритди. Кубок баҳсларида барча рақибларини доғда қолдирди ва бош соврин клуб музейидан жой олди. Ишқибозларни қувонтирган энг аҳамиятли ўйинлар Чемпионлар лигаси баҳсларига тўғри келди. Жамоамиз ўзбек клублари тарихида илк бора қитъамизнинг шарқий минтақада жойлашган клубларига қарши ўйнашига қарамасдан, гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтди ва финал остонасигача етиб борди. Миржалол Қосимов “Бунёдкор”ни Чемпионлар лигасининг ярим финалига икки маротаба олиб келган мураббий сифатида тарихга кирди. Барча замонавий талабларга мос янги муҳташам арена фойдаланишга топширилди. “Бунёдкор” стадионининг тантанали очилиш маросимида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов футболчи ва мухлисларимизга янги ғалабалар тилади.

2013 йилги мусобақалар “қалдирғочлар” учун ўта муваффақиятли ўтди. Асосий жамоа Ўзбекистон чемпионатида “Локомотив” ва “Насаф”ни ортда қолдириб, олтин медалларга эга чиқди. Бу эса “Бунёдкор”нинг бешинчи чемпионлиги сифатида қайд этилди. Ўзбекистон кубоги баҳсларида ҳам Миржалол Қосимов шогирдларига тенг келадиган рақиб топилмади. Шунингдек, Александр Мочинов устозлик қилган ўринбосарларимиз Ўзбекистон ёшлар лигаси ғолиблигини қўлга киритишди. “Бунёдкор” Осиё Чемпионлар лигаси турнирида ўз анъанасини давом эттириб, гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтди. Ушбу муваффақиятлар боис “Бунёдкор” 2013 йилга “олтин мавсум” сифатида таъриф берди.

"Бунёдкор" 2014 йилги мавсумни ажойиб тарзда бошлади. "Қалдирғочлар" суперкубок учун баҳсда Тошкентнинг бошқа бир клуби "Локомотив"дан устун келиб, ўз музейларига янги совринни олиб келишди. Лекин мавсум якунида "Бунёдкор"га чемпионлик ва кубок ғолиблигини сақлаб қолиш насиб этмади.

2015 йилда “Бунёдкор” ўз футбол мактаби тарбияланувчилари ҳисобига таркибини кескин ёшартирди. Жамоа мамлакат кубоги финалида иштирок этди. Йил якунида “Осиёнинг энг яхши ёш” футболчиси номинациясининг якуний лауреатларининг барча учтаси – “Бунёдкор” вакиллари бўлди: Забиҳилло Ўринбоев, Элдор Шомуродов ва Достонбек Ҳамдамов номзодлари орасида ОФК Ҳамдамовни энг яхши ёш футболчи деб топди. “Қалдирғочлар” Осиё Чемпионлар лигасининг “плей-офф” босқичида биринчи бор иштирок этишди ва ўз анъаналарини давом эттирган ҳолда гуруҳ босқичига йўлланма олишди.

Таркибининг асосий қисмини ўз футбол мактаби тарбияланувчилари ҳисобига бойитган “Бунёдкор” 2016 йилда Ўзбекистон чемпионатининг кумуш медалларини қўлга киритди. Ёшлар биринчилигида ҳам “Бунёдкор” вакиллари ғолибликни қўлга киритишди. “Қалдирғочлар” қаторасига тўққизинчи бор Осиё Чемпионлар лигаси турнирининг гуруҳ босқичида иштирок этди. Таркибдаги бир қанча футболчилар Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлари эътиборини тортишиб, бош жамоамиз сафида майдонга тушишди.